Ҳаким Бозор ҳақида

Ҳожи Ҳаким БОЗОР 1930 йил 18 мартда Панжакентнинг Сўжинасида таваллуд топган. Узоқ йиллар педагогик фаолият билан шуғулланган.

Ёшлигидан шеъриятга меҳр қўйган Ҳаким БОЗОР шеърларида серқирра ҳаётнинг турфа товланишлари, инсон қалб оламининг жилолари ўзига хос оҳангларда ифодаланади

Ҳаким Бозор табиатан шӯх бӯлгани учунми, ёзган шеърлари ҳам ӯйноқи, мусиқий ва самимий. Шу боис талай ғазаллари жумҳуриятимизнинг таниқли ҳофизлари томонидан севиб ижро этилмоқда. Ҳ. Бозор шеърлари «Бойчечак» (Ёш гвардия 87), «Тарона» (Ғ, Ғулом – 90), «Қирқ оёқ ва қирқ пайпоқ» «Юлдузча-91» ва «Бинафшаҳои Зарафшон» -92 тупламларида нашр этилган.

Унинг ўндан ортиқ поэтик тўпламлари мухлислар мулкига айланган. Ҳожилик мартабасига эришган кекса шоирнинг яқинда Самарқанда босилиб чиққан «ДУР ИЧРА ГАВҲАР» номли тўпламида юздан ортиқ тўртлик ва рубоийлари ҳамда ҳикматга моил топилдиқлари ўрин олган.

****

ЗАРАФШОНДАЙ СЕРЖИЛО

Ҳожи Ҳаким Бозор Тожикистоннинг Панжакент туманида яшайди. Панжакент Самарқанд жанубида, Зарафшон дарёсининг юкори қисмида, шундоққина дарё ёқасида жойлашган қадимий шаҳар. Туман қишлоқларининг баъзиси тоғ ораликлари, баъзилари қирғокларидаги сӯлим, серҳосил ерларда жойлашган. Бу ерда юзлаб булоқлар, баланд тоғлардаги қорлардан ҳосил бӯлган кичик дарёлар боғ-роғларни суғориб обод қилади ва қолган қисми Зарафшонга келиб қуйилади.

Панжакент аҳолиси шеърни севадиган, илму ирфонга ҳақиқий ошиқ кишилардир. Суҳбатлар, ӯтиришлар, тӯй-томошаларда байтбарак қилиш, ғазал, мухаммас ӯқиш одат тусига кирган. Камина бу ердаги қанчадан қанча муллолар, донишманд мӯйсафидлар билан суҳбатлашганман. Ҳофиз, Румий, Навоий, Фузулий девонларидан унлаб ғазал ва достонларни ёд билган завқи баланд одамларни курганман. Шуни ҳам айтайки, Панжакентда тожик ва ӯзбеклар ёнмаён, бирга-бирга истиқомат қилишади, тӯй-маъракалари бир, тожиклар ӯзбек тилида, ӯзбеклар эса тожик тилида бемалол сӯзлашаверади. Ширу шакар гуфторлик оилада, кӯча-куйда, қишлоқ-маҳаллада, идораю бозорда давом этиб келади.

Худди шунинг учун бӯлса керак, Ҳаким Бозорнинг ижоди ҳам «Ширу шакар»дир: шоир икки тилда баравар ижод қилади. Баъзан бир шеърнинг ӯзи ярми ӯзбекча, ярми тожикча жаранглаб туради.

Ҳаким Бозорнинг шеърларида Панжакентнинг бугунги ҳаёти, оддий, аммо қалби соф меҳнаткаш инсонларнинг кечинмалари, ӯз ватани тарихидан фахрланиш туйғуси акс этган. Шоирнинг бир нечта шеърий тӯпламлари нашр қилинган. У баъзан ошиқлар қалбининг талпинишлари, тотли азобларини куйласа, баъзан ахлоқ -одоб, шарқона шарм-ҳаёдан сӯзлаб ёшларга насиҳат қилади, дини исломнинг чин инсонпарварлик ғояларини шеърга солиб, баднафс, бадахлоқ кимсаларни огоҳлантиради, инсофга чақиради. Болаларга атаб ёзилган шеърлари ҳам ӯзига хос услубда. Болаларни ижодга, меҳнатга, илму маърифатга чорлаб, улар руҳияти, қизиқишларига мос мисралар битади. «Самарқанд келини» асари бӯлса эртак-достон услубида ёзилган бӯлиб, қизиқарли, сероҳанг ва равон.
Ҳаким Бозор ижоди асосан янги давр, яъни шӯролар салтанати парчаланиб, ӯзбек, тожик халқлари истиқлолга эришган даврни акс этгиради. Шу боис шоир янги замон руҳи, юрт ӯтмиши ва келажагини биргаликда кӯраётган, маънавий сарчашмалари очилиб, азалий маънавий булоқлардан сув ичаётган авлоднинг шукуҳи ва қудратини кӯрсатмоқчи бӯлади. Бу – улуғ ният. Шеър – инсон юрагининг энг тоза гулзоридан униб чиқади ва шундай юракларга кириб бориб, жӯр бӯлади.

Шу боис ҳам муаллифнинг ёши анчага бориб қолган бӯлса-да, аммо шеърларида ёшлик жасорати, бардам бир руҳ барқ уриб туради.

Худди шунинг учун Ҳаким Бозор шеърларининг ӯкувчилари, ихлосмандлари кӯп. Бу шоирнинг бахти, албатта.
Кӯлингиздаги «Дур ичра гавҳар» жилоси Сизга арғумондир.

Н.Комилов, профессор,
филология фанлари доктори,
Рустам Жӯрақулов, Антиқ дунё Халқаро
академияси доктори

 



*****

Ёшлигидан адабиётга нисбатан ихлоси баланд бӯлган Ҳаким Бозор дастлаб Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мирзо Турсунзода асарларини севиб ӯқиди. Қичинчалик Бобораҳим Машраб, Аҳмад Яссавий, Абдураҳмон Жомий, Лутфий ва Алишер Навоий ижоди билан танишиб, ӯзи ҳам турли мавзуларда достонлар ёза бошлади. Унинг ижод маҳсули Ӯзбекистон ҳамда Тожикистон матбуотида босилиб турди ва ӯзига хос баҳо олди. “Бойчечак”, “Тарона”, “Қирқ оёқ ва қирқ пайпоқ”, “Бунафша ҳам Зарафшон”, “Ёр ӯйнади” китоблари чоп этилди.
Шоирнинг қӯлингиздаги китобга киритилган достонлари балаларга хос ёзилган бӯлса-да, улардаги воқелик катталарни ҳам қизиқтира олади. “САМАРҚАНД КЕЛИНИ”да аъло хулқ, чуқур илм, ҳунарнинг кутлуғ фазилатлари, соф муҳаббат тараннум этилган.
Қизиғи шундаки, Шоҳ йигит тоғ овида чӯпон қиз билан фавқулодда учрашиб қолади. Кӯзи тушган он йигит ҳушидан кетади. Чӯпон отаси кӯтариб, бошини тиззасига олса, қизи сув сепади. Ӯзига келиб беихтиёр қизга тикилади. Сӯзсиз, ишқ чақмоқ уради. Қайтиб, тахтига етгач, ӯз шоҳлигига ишониб, бош вазиридан тӯй-тӯққизларини, кийимларини қирқ туяга орттириб, келинни олиб келишни буюради. Самарқанд тӯйга қаттиқ тайёргарлик кӯради. Бироқ мусулмончилик қоидасига асосан қизнинг розилигини сӯрашганда, қиз йигитнинг нима ҳунари борлигини сӯрайди: “Ҳунари Шоҳлик”, дейдилар. Қиз шоҳликдан ҳунарни устун қӯйиб:
Ҳунари йӯқ кишининг,
Мазаси йӯқ ишининг.
Шоҳ бӯлса ҳам тегмасман,
Ӯзимга тенг билмасман,

~деб кескин рад этади. Бу шоҳга етказилади. Шоҳ ноқулай аҳволга тушади. Шоҳликдан кечиб, азоб-уқубатлар билан ҳунар ӯрганади. Сӯнг бахтига эришади.
“БАХТИГУЛ ВА БАХТИЁР” эртак достонининг бош қаҳрамони Бахтигул ҳалолликнинг олий тимсолидир. Кӯп тӯҳмат, жабр-ситамлардан уни ҳалоллиги асраб қолади. У асло тушкунликка тушмайди. Софлик ва покизалик учун бор кучини ишга солиб жасорат, маҳорат билан курашади ва енгиб чиқади. Олтин қанчалик қора балчиққа тушса ҳам зангламаганидек. Бахтигул ҳалолу поклигадан муроду мақсадига эришади. Унга қасд қилганлар кӯр, гунг, шол бӯладилар. Худонинг амри билан уларни ӯз айбига иқрор қилиб, бирма-бир даволайди:
Кӯрлар кӯзи очилиб,
Ёруғ жаҳонни кӯрди.
Гунглар ҳам тилга кириб,
Шол Хам оёққа турди.
Хуллас, инсонпарварлик, ишқ-муҳаббат, адолат ва мардлик, илм-ҳунар эгаллаш Ҳаким Бозор ижодининг асосий мавзусидир. Биз шоирнинг достончиликдага фаолиятяга улкан ютуқлар ва шу билан оқ йӯл тилаймиз.

Малик МУРОДОВ,
филология фанлари доктори,
профессор.

Kommentera